Gerb Bayroq Madhiya

Inspeksiya nizomi

image_pdfimage_print

Тасдиқланган низомни юклаб олиш

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 31 июльда тасдиқланган ” Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги, унинг таркибий бўлинмалари, шунингдек, Республика ва ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” ги №603 сонли қорорининг 4-иловаси асосан тасдиқланган.

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур Намунавий Низом Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг (кейинги ўринларда Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартиби ва ҳисоботларини, шунингдек, Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.
  2. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (кейинги ўринларда Вазирлик дет аталади) таркибига киради ва ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилиш ҳамда қурилиш материаллари, маҳсулотлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасидаги техник бошқарув норматив ҳужжатлари талабларига бўйсунилиши, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилади.
  3. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси хўжалик ҳисобидаги ташкилот ҳисобланади.
  4. Ҳудудий қурилиши инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, мазкур Намунавий Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, Вазирликнинг буйруқлари ва қарорлари асосида фаолият олиб боради.
  5. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси герби тасвири туширилган муҳрга ва бланкага, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамига эга.
  6. Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ҳудудий назорат инспекцияси, қисқартирилгани — Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси;

б) рус тилида:

тўлиқ — Территориальная инспекция по контролю в сфере строительства при Министерстве строительства Республики Узбекистан, қисқартирилгани — Территориальная инспекция по контролю строительства.

2-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг асосий вазифалари ва функциялари

  1. Қуйидагилар Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

белгиланган тартибда тасдиқланган бош режага қатъий риоя этган ҳолда аҳоли пунктлари комплекс қурилишларини, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунлар, шаҳарсозлик меъёрлари, аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуришда, лойиҳалаш-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларида, қурилиш материаллари ва маҳсулотларини ишлаб чиқаришда юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик меъёрлари, қоидалари ва стандартларга сўзсиз риоя қилишларини назорат этиш;

комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш секторлари билан ҳамкорлик қилиш;

буюртмачининг техник назоратини ва лойиҳалаштириш ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб бориш юзасидан назоратни амалга ошириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг қурилиш соҳасида, қурилиш материаллари, маҳсулотлари ва конструкцияларини ишлаб чиқаришда шаҳарсозлик қонунлари талабларига, лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимларга, қурилиш-монтаж ишларининг барча босқичларини амалга оширишда технологик талабларга риоя этишларини назорат қилиш;

қонунчиликда кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, барча қурилиш объектларини, қурилиш-монтаж ишларини бажаришга рухсат берган ҳолда, рўйхатдан ўтказиш;

хусусий турар-жой қурилишларидан ташқари, қурилиш ишлари тугатилган қурилиш объектларини қабул қилиб олиш комиссияси ишларида мажбурий иштирок этиш;

шаҳарсозлик қонунчилигига риоя қилиниши назоратини ташкил этиш соҳасидаги техник бошқарувлар бўйича таклифлар киритиш ва меъёрий ҳужжатларни такомиллаштиришда иштирок этиш;

ҳар ойлик, чораклик ва йиллик ҳисоботлар, маълумотлар ва статистик маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;

Вазирлик марказий аппарати номенклатурасига киритилган лавозимларга малакали кадрларни танлаш ва тавсия қилиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг меъморчилик ва қурилиш соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга эҳтиёжини ўрганиш, шунингдек, бу масалалар бўйича аниқ таклифлар киритиш.

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясига юкланган асосий вазифалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги функцияларни амалга оширади:

аҳоли пунктлари комплекс қурилишларида белгиланган тартибда тасдиқланган бош режага қатъий амал қилган ҳолда шаҳарсозлик қонунчилиги, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари ҳамда стандартларига риоя қилиниши назоратини амалга оширади;

аҳоли пунктлари режалаштирилиши ва қурилишида юридик ва жисмоний шахсларнинг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунларга, шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари ҳамда стандартларига риоя этилишини назорат қилади;

буюртмачининг шаҳарсозлик соҳасидаги техник назоратини ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчининг муаллифлик назоратини текширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилиш, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш соҳасида техник тартибга солиш норматив ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади;

қурилиш объектида ижро ҳужжатлари юритилишини, шаҳарсозлик фаолияти субъектларида архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқарилишини ҳамда қурилиш соҳасида қонунда кўрсатилган лицензияли фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг мавжудлигини назорат қилади;

лойиҳалаш-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиши, қурилиш материллари ва буюмларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда қўлланилишини назорат қилади;

қурилиш объектларида қонунда белгиланган тартибда объектларнинг мураккаблик (хавфлилик) даражасидан келиб чиққан ҳолда назорат функцияларини амалга оширади;

қурилиш соҳасида меъёрий-техник ва лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган синовлар, съёмка ва ўлчовлар амалга оширилишини назорат қилади;

авария ҳолатидаги бинолар, иншоотлар, уларнинг қисмлари ва конструктив элементларини ва аварияга олиб келган сабабларни текшириш бўйича техник комиссияларда иштирок этади;

мавжуд бинолар ва иншоатларни қайта тиклаш ёки реконструкция қилиниши мақсадга мувофиқлиги бўйича ва тажриба-қурилиш синов лаборотория ишларини шартнома асосида техник текширувини ўтказади ва тегишли хулоса беради;

қурилиш маҳсулоти сифатини таъминлаш, шаҳарсозлик қонунчилиги талабларига бўйсуниш юзасидан давлат, бошқа ваколатли органлар, илмий-тадқиқот, лойиҳалаш ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

техник тартибга солиш, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиш бўйича қурилиш соҳасида меъёрий ҳужжатлар талабларини бузган айрим фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқини ва архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти билан шуғулланаётган ташкилотлар ва корхоналарнинг лицензиялари амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш ҳақида Вазирликка таклиф киритади;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақида белгиланган тартибда баённомалар тузади;

қурилиш ишларида хавфсизлик қоидаларининг бузилиши аҳоли соғлиғи ва ҳаётига зарар етказганда ёки оғир оқибатларга олиб келганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда чоралар кўриш юзасидан хабар беради;

назорат натижаларини таҳлил қилади, халқаро тажрибаларни ўрганади, меъёрий талабларни такомиллаштириш бўйича таклифлар, қурилиш сифатини яхшилаш ҳамда қурилиш материалларидан оқилона фойдаланиш юзасидан методик ҳужжатлар тайёрлайди;

ҳар чоракда Вазирликнинг Қурилиш соҳасидаги назорат инспекциясига (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот беради;

аҳолини Ҳудудий инспекция фаолияти ҳақида хабардор қилиш ишларини тизимли асосда олиб боради, қонунчиликда белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларнинг Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ваколати доирасидаги мурожаатларини қабул қилиш ва зарур чоралар кўриш ишларини ташкил қилади;

юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилади, юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини таҳлил қилади;

зиммасига юкланган вазифалар доирасида йиллик, чораклик ва ойлик иш режалари, шунингдек, аниқ фаолият юзасидан тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Инспекция билан келишиб олади;

Вазирлик ҳайъат йиғилишлари ва илмий-техник кенгашлари фаолиятларининг режаларини тайёрлашда иштирок этади;

аҳолига назорат фаолиятининг мақсадлари, вазифалари ва аниқ натижалари ҳақида ахборот бериш учун оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади.

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси қонунчиликда кўзда тутилган бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.

3-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқарувининг ҳудудий бўлинмаларидан, давлат ҳокимияти органларидан ўз ваколатига доирасига кирувчи масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқарувининг ҳудудий бўлинмаларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ваколатига кирувчи масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар қурилиш объектларига, субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, ҳеч қандай тўсиқсиз кириш ҳамда рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш;

текшириш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича юридик ва жисмоний шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган объектларни ҳеч қандай тўсиқсиз бориб кўриш ва назорат функцияларини амалга ошириш;

фойдаланилаётган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини текшириш учун шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан белгиланган тартибда лойиҳа, технологик ва ижро ҳужжатлари, шунингдек, бошқа зарур маълумотларни сўраш ва олиш;

пудратчи ташкилотларга конструкцияларнинг алоҳида деталларини очиш, пойдевордаги ва қайта тўлдириладиган тупроқни текшириш ишларини топшириш, зарурат бўлганда, тегишли хулоса тайёрлаш учун илмий-тадқиқот ташкилотларидан эксперт-мутахассисларни жалб қилиш;

шаҳарсозлик соҳасидаги қонунлар талабларини бузаётган (буйруқлар билан тайинлаган) мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимномалар киритиш;

қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳа бўйича тўлиқ бажарилганлиги, қурилиш объектларининг техник ҳолати ҳақида эксперт хулосалари бериш;

статистика органларига фойдаланиш учун қабул қилиш қоидалари бузилган ҳолда топширилган қуриб битказилган объектларни ҳисобдан чиқариш ҳақида тақдимнома киритиш;

ҳудудий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш масалаларига оид йиғилишларда белгиланган тартибда иштирок этиш;

Инспекция топшириғига биноан архитектура ва қурилиш масалалари бўйича мажлислар ва семинарлар ташкил қилиш ва ўтказиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг моддий-техника базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ваколатига кирувчи масалалар бўйича даъвогар ва жавобгар бўлиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси қуйидагилар учун жавоб беради:

ўзига юкланган вазифа ва функцияларни тегишли ҳамда самарали бажариш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг қурилиш-монтаж ишлари сифатини лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ равишда таъминлаганликларини зарур даражада назорат қилиш;

қурилиш объектларида ишлатилаётган қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмларининг техник жиҳатдан тартибга солиш меъёрий ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини зарур даражада назорат қилиш;

қурилиш материаллари, конструкциялари ва буюмлари, ишлаб чиқарувчилар томонидан техник жиҳатдан тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилганлигини зарур даражада назорат қилиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолиятига оид прогноз кўрсаткичларига эришишни таъминлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа меъморчилик ҳамда қурилиш соҳасини ривожлантиришга, муаммоли масалаларни ҳал қилишга оид дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қурилиш соҳасида ҳуқуқий ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини ва ҳимоясини таъминлаш;

архитектура ва қурилиш соҳасида қонунларнинг ижро этилиши, аниқланган қонунбузарлик ҳолатларининг ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда ўз ваколати доирасида тегишли чора-тадбирлар кўриш.

4-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси раҳбарларининг асосий мажбуриятлари

  1. Қуйидагилар Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, Вазирлик қарорлари билан юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил қилиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлайдиган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

инспекторлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишини таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича амалий комплекс чораларни амалга ошириш, Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ходимларининг топшириқларни ўз вақтида сифатли бажарилиши юзасидан шахсий масъулиятини ошириш бўйича чоралар кўриш;

Вазирлик ҳайъат йиғилиши қарорлари, Қурилиш вазири ва вазир ўринбосарлари буйруқлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш сектори ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, мансабдор шахсларнинг Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси алоҳида участкалари фаолияти бошқарувидаги шахсий масъулият даражасини белгилаш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти режалаштирилишини ташкил қилиш, Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясига кадрларни танлаш ва жойлаштириш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратиш, Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг кадрлар захирасини шакллантириш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясидаги вакант лавозимларга таклиф қилинган номзодларнинг профессионал, ваколатли, амалий тажрибага эга, юқори даражали касбий ва маънавий-ахлоқий сифатларга эга бўлиши кафолатланганлигини таъминлаш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимларида қолишларининг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишларини таъминлаш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси тизимидаги коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қонунчилик талабларига биноан чора-тадбирлар белгилаш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш йўли билан коррупция, ҳуқуқбузарликлар юз беришига олиб келадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг белгиланган кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни қабул қилиш бўйича Қурилиш вазирининг ўринбосари — қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғига таклиф киритиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини кенгашларда эшитиш якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва мақбуллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Инспекция раҳбарига кўриб чиқиш учун киритиш;

юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсий қабулларни, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг сайёр қабулларини қонунда белгиланган муддат ва тартибда тизимли амалга ошириш;

юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ходимларига мукофот тўлаш ҳақида қарор чиқариш, лавозим маошига устама, моддий ёрдам, тақдирлаш, рағбатлантириш ва интизомий жазо тайинлаш, Вазирликка давлат ва Инспекция томонидан мукофотлаш тўғрисида таклиф киритиш;

давлат сирларига оид ва конфиденциал характерга эга ахборотлар билан ишлашда қонун талабларига риоя қилиш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси мулкини қонунда белгиланган тартибда тасарруф этиш;

аҳолининг архитектура-қурилиш соҳасидаги ислоҳотлардан хабардорлик даражасини ошириш учун оммавий ахборот воситаларига тақдим этиладиган материалларни тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш;

юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш.

5-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси раҳбарининг жавобгарлиги

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси раҳбари қуйидагилар учун шахсан жавоб беради:

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини;

мазкур Намунавий Низомнинг 9-бандида кўрсатилган Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

мазкур Намунавий Низомнинг 11-бандида кўрсатилган ўз хизмат вазифаларининг сифатли бажарилиши.

6-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш

  1. Инспекцияга Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
  2. Инспекция бошлиғи лавозим бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари бошлиғининг ўринбосари ҳисобланади.
  3. Инспекция бошлиғининг белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бир нафар ўринбосари бўлади.
  4. Инспекция бошлиғи бўлмаган пайтларда бошлиқ вазифасини унинг ўринбосари бажаради.
  5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Ҳудудий қурилиш инспекциялари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳри қурилиш бош бошқармалари раҳбарлари тавсиясига биноан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
  6. Инспекция бошлиғи Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг штатлар жадвалини тасдиқлайди.

7-боб. Вазирликнинг Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси билан ҳамкорлик қилиш тартиби

  1. Вазирлик Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси билан ҳамкорликда:

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясига топшириқларни етказади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясига бевосита унинг фаолиятига доир масалалар бўйича сўровлар юборади ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси амалий фаолиятини текширади, ўрганади ва умумлаштиради, унинг фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти ташкил этилиши ва натижалари ҳақидаги ҳисобот ва ахборот материаллари, статистик ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил қилади;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси иш режаларини таҳлил қилади, унинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўради;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясидан келиб тушган таклифларни кўриб чиқади;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси вакилларининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланиши жараёнида иштирок этишларини ташкил қилади, инспекциянинг қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифларини кўриб чиқади.

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси Вазирлик билан ҳамкорликда, жумладан:

Вазирликка раҳбарият топшириғи ижроси ҳақида ҳисоб беради;

фаолиятнинг белгиланган соҳасида қонунларни амалга ошириш натижалари ҳақида ахборот тақдим этади;

фаолияти ўрганилиши жараёнида аниқланган камчиликлар ва қонунбузарликларни бартараф этиш натижалари ҳақида ахборот беради;

Вазирликка белгиланган тартибда ўз иши натижалари ҳақида ҳисоботлар тақдим этади;

Вазирликка ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши муаммоларини, жумладан, аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишга мўлжалланган таклифларни йўллайди;

комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича секторлар билан ҳамкорлик натижалари ҳақида ахборот беради;

ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолияти текшируви натижалари ҳақида ахборот беради.

  1. Вазирликнинг Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси билан ҳамкорлиги жараёнида пайдо бўладиган келишмовчиликлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири топшириғига биноан вазир ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Қайд этилган кўриб чиқишдан кейин ҳам келишмовчиликлар бартараф этилмаса, улар бўйича қарор бевосита Ўзбекистон Республикаси Қурилиши вазири томонидан қабул қилинади.

8-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг бошқа давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тартиби

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ўз ваколати доирасида давлат ва хўжалик органларининг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси тегишли ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва жорий этишда секторлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

9-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда ишчи индикаторлари

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти самарадорлиги мунтазам баҳолаб борилади.
  2. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти самарадорлиги ва натижалилигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири тасдиқлаган баҳолаш мезонлари ҳамда Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлари асосида амалга оширилади.
  3. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш натижаларига биноан қуйидаги чоралар кўрилади:

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки уларга нисбатан интизомий чоралар кўриш;

Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш.

10-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:

а) Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш дастурларига киритилган объектлар бўйича бажарилган қурилиш-монтаж ишлари қийматидан (қўшимча қиймат солиғисиз) қуйидаги миқдордаги ажратмалар:

0,5 фоиз миқдорида — янги қурилиш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича;

0,3 фоиз миқдорида — Ўзбекистон Республикаси давлат дастурига киритилган капитал таъмирлаш объектлари бўйича;

б) бошқа объектлар бўйича — лойиҳа-смета ҳужжатларида кўзда тутилган қурилиш-монтаж ишлари қийматидан келиб чиққан ҳолда:

0,01 фоиз миқдорида — мураккабликнинг I тоифасидаги объектлар бўйича;

0,02 фоиз миқдорида — мураккабликнинг II тоифасидаги объектлар бўйича;

0,03 фоиз миқдорида — мураккабликнинг III тоифасидаги объектлар бўйича;

в) мавжуд бинолар ва иншоотларни тиклаш ёки реконструкция қилиш юзасидан уларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича шартнома асосида ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан, шунингдек, лаборатория хизматлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган хизматларнинг бошқа турларини кўрсатишдан олинган даромадлар.

  1. Мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш бўйича бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг, шунингдек, лаборатория хизматлари ва Ҳудудий инспекция томонидан кўрсатилаётган хизматлар бошқа турларининг қийматини аниқлаш методикаси Вазирлик томонидан тасдиқланади.
  2. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси ходимлари иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устама ҳақлар ва қонунда кўзда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.

11-боб. Ҳудудий қурилиш назорат инспекциясининг Вазирлик олдида ҳисобот бериши

  1. Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирига ўз фаолияти юзасидан мунтазам ҳисобот беради.
  2. Вазир ўринбосари — қурилиш соҳасида назорат Инспекцияси бошлиғи Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси бошлиғи ва ўринбосарлари фаолиятини уларга юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан доимий мониторингини амалга оширади, Ҳудудий қурилиш назорат инспекцияси фаолияти самарадорлигига объектив баҳо беради.
Ko'rildi :

(0)

[OK]