Seal Flag Anthem

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 2019 ЙИЛ 27-МАЙ САНАСИДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ПФ-5729 СОНЛИ ФАРМОНИ

image_pdfimage_print
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.
Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) 1-иловага мувофиқ;
Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси (кейинги ўринларда — Идоралараро комиссия)нинг янгиланган таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар икки ой муддатда Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича мақсадларга эришишда самарадорлик индикаторларини ишлаб чиқсин ва Идоралараро комиссия билан келишиб олсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Идоралараро комиссия икки ой муддатда коррупцияга қарши курашиш бўйича намунавий тадбирларнинг идоравий дастурини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига муҳокама қилиш ва келишиш учун киритсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинсин, уларнинг зиммасига:
жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш;
жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарига ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш функциялари юклансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
а) коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда қуйидагилардан иборат:
суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш;
давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш;
б) идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади.
5. Белгилансинки:
а) 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари зиммага юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий баҳолаб боради, унинг якунлари бўйича:
коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхатини шакллантиради;
идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чораклик мониторингини амалга оширади ва коррупциявий хавф-хатарларни минимум даражага тушириш чораларини кўради;
Идоралараро комиссия билан келишган ҳолда ҳар йилги идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурларини тасдиқлайди;
ҳар йили Идоралараро комиссияга тегишли органлар ва ташкилотлар фаолиятида, шу жумладан, қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали коррупция хавф-хатарларига барҳам бериш бўйича таклифларни киритади;
б) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлади.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда:
ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб татбиқ этсин;
умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзулар янада кучайтирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда, шу жумладан техник инфратузилмани ва зарур дастурий таъминотни яратишга оид зарурий чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Идоралараро комиссия (Н.Т. Йўлдошев):
2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишни ташкил этсин, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этсин;
ҳар йили 1 апрелга қадар тегишли соҳаларда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш якунлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритсин.
9. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар Давлат дастурининг ижро этилиши ҳолати тўғрисида ҳар чоракда Идоралараро комиссияга ахборот киритилишини таъминласин.
10. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия (кейинги ўринларда — Махсус комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
11. Қуйидагилар махсус комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган жамоатчилик назоратининг амалий чораларини ва қўлланилаётган ҳуқуқий механизмларнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш;
коррупцияга ва бошқа жиноятларга қарши тизимли курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, шу жумладан ички идоравий назоратни амалга оширадиган бўлинмалар фаолиятини танқидий ўрганиш;
коррупцияга қарши курашиш ва мазкур соҳада идоралараро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, коррупция кўринишларини содир этиш сабаб ва шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқишда фойдаланилаётган механизмларни тубдан қайта кўриб чиқиш;
коррупцияга қарши курашиш ва жамоат назорати соҳасида умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини ўрганиш.
12. Махсус комиссия (З.Ш. Низомиддинов):
а) бир ҳафта муддатда ўрганишнинг тегишли йўналишлари бўйича ишчи гуруҳларнинг таркибларини ҳамда уларнинг иш режаларини тасдиқласин, шунингдек, ишчи гуруҳларнинг самарали фаолиятини ташкил этсин;
б) 2019 йил 1 сентябрга қадар:
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан умум эътироф этилган халқаро стандартлар ва чет эл ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда ушбу фаолиятни ташкил этиш ва мазкур йўналишдаги функцияларини оптималлаштиришда ягона ёндашувларни жорий этиш орқали тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати механизмларини самарали қўллашга йўналтирилган, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдидаги ҳисобдорлиги тартибини такомиллаштириш;
қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролар иштирокининг шаффоф ва самарали усулларини жорий этиш.
13. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат органлари, шу жумладан маҳаллий органлар томонидан расмий веб-сайтлар ва «ишонч телефонлари»дан улар фаолиятининг очиқлигини ва ахборот олиш имкониятини таъминлаш воситаси сифатида фойдаланишлари устидан доимий мониторингни амалга оширсин;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, ушбу Фармоннинг амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда, шу жумладан чет эл оммавий ахборот воситаларида кенг кўламдаги ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини доимий асосда амалга ошириб, уларда таниқли олимлар, давлат органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик вакилларининг чиқишларини назарда тутсин ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувларда уларнинг иштирок этишларини таъминласин;
мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳисобот бериб борсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
15. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу Фармонга мувофиқлаштирсин.
16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2019 йил 27 май,
ПФ-5729-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон Фармонига
1-ИЛОВА
2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш
ДАВЛАТ ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш

1.

Коррупциянинг хавф-хатарларини таҳлил қилиш асосида, аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилиш ва онг-билимларини оширишда мақсадли тадбирларни амалга ошириш, хусусан:

мавзули аудио-, видеороликлар, баннерлар, плакатлар ва инновацион ахборот-тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат, коррупцияга қарши курашишнинг аниқ хулқни шакллантиришга қаратилган, коррупцияга қарши курашиш борасида кампанияларни ўтказиш;

сўровлар, ижтимоий ва бошқа тадқиқотлар асосида коррупцияга қарши курашиш тарғиботи ва таълими бўйича чора-тадбирлар натижалари ва таъсирини мунтазам равишда баҳолаш;

ушбу соҳада кейинги чора-тадбирларни амалга оширишда баҳолаш натижаларидан фойдаланиш.

Чора-тадбирлар режаси

Алоҳида режа-жадвал асосида, 2019 йил 1 июлгача тасдиқлаш

Идоралараро комиссия, Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), ИИВ (П. Бобожонов),

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент (Д. Рахимов), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К. Алламжонов), вазирлик ва идоралар

2.

Алоҳида мақсадли гуруҳларнинг (давлат хизматчилари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва бошқалар) коррупцияга қарши курашиш механизми ва тизими ҳақида ҳуқуқий билими ва хабардорлигини ошириш юзасидан аҳамиятга эга бўлган амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан қуйидагилар орқали:

коррупция омилларини аниқлаш, коррупция хавф-хатарларини бошқариш ва уларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўриш борасида вазирлик ва идоралар вакиллари учун даврий таълим бериш тизимини жорий этиш;

давлат органлари фаолиятининг хусусиятларини инобатга олган ҳолда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал қилиш борасида амалий тавсияларни ишлаб чиқиш;

коррупцияга қарши курашиш ва касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш масалалари бўйича махсус ўқув-методик ва бошқа адабиётларни яратиш.

Чора-тадбирлар режаси

2019 йил 15 июлгача

Идоралараро комиссия, вазирлик ва идоралар

3.

Ёшларда коррупцияга қарши курашиш фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантирадиган чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан:

коррупцияга қарши курашиш мавзусида ижтимоий тадбирларга ёшларни кенг жалб қилиш (клублар, тўгараклар, форум ва бошқалар);

олий ўқув юртлари ва ёшларнинг бошқа вакиллари ҳисобидан кўнгиллилар гуруҳларини шакллантириш;

ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш мавзусида республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ўтказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Алоҳида режа-жадвал асосида, 2019 йил 1 июлгача тасдиқлаш

Идоралараро комиссия, Ёшлар иттифоқи (А. Саъдуллаев), Олий таълим вазирлиги(И. Маджидов), ХТВ (Ш. Шерматов),ТДЮУ (Е. Каньязов), ИИВ Академияси (Б. Матлюбов), Божхона институти (В. Эргашев), Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (К. Алламжонов), МТРК (А. Хаджаев)

4.

Таълим муассасаларининг ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашиш махсус курсларини киритиш, шу жумладан:

жамиятда коррупциянинг мавжуд бўлган хавф-хатарлари асосида, ўқув материалларини тайёрлаш учун ягона методологик талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

барча таълим муассасалари, шу қаторда давлат хизматчилари, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича таълим беришга масъул шахсларнинг малакасини ва касбий тайёргарлигини ошириш бўйича муассасаларда тааллуқли дастурларни жорий этиш;

журналистларни тайёрлаш ўқув дастурларига «Коррупцияга қарши журналист тергови» фанини киритиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил
1 августгача

Олий таълим вазирлиги (И. Маджидов), ХТВ (Ш. Шерматов), Бош прокуратура Академияси (Е. Коленко), Судьялар олий кенгаши қошидаги Судьялар олий мактаби (Х. Исоқов), ТДЮУ (Е. Каньязов), ИИВ Академияси (Б. Матлюбов), Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти (М. Рустамбаев)

5.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий, тадқиқий ва эксперт салоҳиятини кучайтириш борасида чора-тадбирлар қабул қилиш, шу жумладан коррупцияга қарши курашишда чора-тадбирларни амалга оширишга масъул бўлган шахсларнинг билимларини ва касбий маҳоратини мунтазам равишда ошириш;

мазкур соҳада сертификат олган экспертларнинг миллий жамоасини босқичма-босқич шакллантириш;

илмий-методик материалларни ишлаб чиқишга хорижий экспертлар ва маслаҳатчиларни жалб этиш;

коррупцияга қарши курашиш мавзуида магистратура йўналишлари бўйича ўқув дастурларини жорий этиш;

миллий экспертларни коррупцияга қарши курашиш соҳаси бўйича Коррупцияга қарши курашиш халқаро академияси (КҚКХА) ва бошқа халқаро таълим муассасаларида ўқитиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил 1 июлгача

Бош прокуратура (О. Муродов), ИИВ (П. Бобожонов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), Олий таълим вазирлиги (И. Маджидов), ТИВ (А. Камилов)

6.

Давлат органлари ва ташкилотларнинг масъул ходимлари томонидан ишга қабул қилинганидан сўнг ҳамда муайян вақт ўтганидан сўнг, касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувини бартараф қилиш ва коррупцияга қарши курашишнинг бошқа йўналишлари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини мажбурий равишда ўташ тартибини жорий этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2019 йил 1 сентябрдан

Бош прокуратура (О. Муродов), Олий таълим вазирлиги (И. Маджидов), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), ДБА (Х. Азизов), ЖИДУ (М. Бакоев), ТДЮУ (Е. Каньязов), вазирлик ва идоралар

7.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида, қуйидагиларни назарда тутадиган тадқиқотларни ташкил қилиш, жумладан:

содир этилаётган коррупцияга оид жиноятларнинг ўзига хос схемасини ўрганиш асосида коррупциянинг типологиясини тузиш;

коррупцияга мойил бўлган соҳаларни аниқлаш асосида тармоқлар кесимида коррупцияга оид хариталарни тузиш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг шарт-шароитлари ва сабабларини ўрганиш, шунингдек уларни бартараф этиш таклифларини ишлаб чиқиш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида таълим ва тадқиқот муассасалари илмий ходимларига, шу жумладан, халқаро ташкилотлардан коррупцияга қарши курашиш соҳасида тадқиқотлар ўтказиш бўйича грантлар жалб қилиш орқали кўмаклашиш;

коррупция даражаси, коррупцияни идрок этиш ва шахсий тажрибаси, шунингдек, давлат ҳокимияти институтларига ишонч ва коррупцияга қарши чораларнинг таъсири даражасини баҳолаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2020 йил 1 апрелгача

Идоралараро комиссия, «Ижтимоий фикр» маркази (Р. Убайдуллаева), ФЖШМҚМИ (Р. Камилов), «Ривожланиш стратегияси» маркази (Э. Туляков), Бош прокуратура Академияси (Е. Коленко) ТДЮУ (Е. Каньязов), ИИВ Академияси (Б. Матлюбов), Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти (М. Рустамбаев), ЖИДУ (М. Бакоев), вазирлик ва идоралар

8.

Идоралараро комиссиясининг расмий веб-сайти асосида халқаро стандартларга мувофиқ зарур маълумотларни ўз ичига олган портални яратиш, шу жумладан:

коррупцияга қарши тадбирлар ҳақида ҳисобот ва маълумотлар;

коррупциянинг тарқалиши ва идрок этилиши ҳақида ижтимоий ва илмий тадқиқотлар натижалари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаси бўйича коррупцияга қарши экспертиза натижалари тўғрисида маълумот;

коррупция жиноятлари, уларнинг тергов ва судда кўрилиши натижалари бўйича статистик маълумотлар;

маълумот, методик ва ахборот материаллари;

коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилиш учун жамоатчилик билан қайта алоқа механизмлари, шунингдек жамоатчилик фикрини сўров қилиш натижалари.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил 1 ноябргача

Идоралараро комиссия, ЛБМА (Д. Ли), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков), Молия вазирлиги (Т. Ишметов), «Ижтимоий фикр» маркази (Р. Убайдуллаева), Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), Олий суд (К. Камилов), ССП (А. Икрамов)

9.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида, шу жумладан халқаро экспертлар иштирокида семинарлар, «давра суҳбатлари» ва конференциялар ўтказишни назарда тутадиган халқаро мезонлар ва илғор чет эл тажрибаларини жорий этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2020 йил 1 апрелгача

Идоралараро комиссия

10.

Қуйидагилар ёрдамида, коррупцияга қарши курашиш чораларини ишлаб чиқиш ва бажариш жараёнида фуқаролик жамияти институтларини янада жалб қилишда мақсадли тадбирларини амалга ошириш:

давлат органлари билан ўзаро муносабатлар ва қайта алоқани мустаҳкамлаш механизмларини кучайтириш;

ижтимоий шериклик доирасида давлат органлари, шунингдек, жамоат кенгашлари фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини жалб этишнинг шаффоф ва объектив мезонларига асосланган механизмларни белгилаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2020 йил 1 апрелгача

Идоралараро комиссия, Адлия вазирлиги (Р. Давлетов), ФЖШМҚМИ (Р. Камилов), «Ривожланиш стратегияси» маркази (Э. Туляков), ЎзННТМА (И. Насриев), вазирлик ва идоралар

II. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш

11.

Қуйидагиларни назарда тутувчи, «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

бюджет жараёнининг ҳар бир босқичида ташқи ва ички молиявий назорат ҳамда аудитнинг вазифалари ва мақсадини бир-биридан ажратиш;

низом жамғармасида давлат улуши бўлган ташкилотларда давлат молиявий назоратини амалга ошириш;

молиявий, шу жумладан, коррупцияга оид жиноятларни ўз вақтида аниқлаш.

Қонун лойиҳаси

2019 йил 1 сентябргача

Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Ҳисоб палатаси (О. Рустамов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Хўжаев), ЛБМА (Д. Ли), Бош прокуратура (О. Муродов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (А. Хайдаров), Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (А. Назиров)

12.

Идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, ички ҳамда ташқи аудит соҳасини белгилаш йўли орқали амалга оширилаётган назоратнинг самараси ҳақидаги маълумотлар, шу жумладан ички назорат ва ички аудит хизмати ходимларининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатини белгилайдиган, давлат бошқаруви тизими ривожланиши, прогнозлаш ва стратегик режалаштиришга оид хуфиёна иқтисодиёт ва коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этишни назарда тутадиган «Давлат ички назорати ва ички аудити тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Қонун лойиҳаси

2019 йил 1 сентябргача

Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Ҳисоб палатаси (О. Рустамов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Хўжаев), Бош прокуратура (О. Муродов), ЛБМА (Д. Ли), Давлат активларини бошқариш агентлиги (А. Хайдаров), Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент (Д. Рахимов)

13.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш юзасидан норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-амалий чора-тадбирларни такомиллаштириш, шу жумладан қуйидаги йўллар билан:

маълумотлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқига оид қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиш;

фуқароларнинг маълумотлардан эркин фойдаланиш юзасидан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида хабардорликларини ошириш;

давлат органлари томонидан ахборотни нашр қилиш учун ягона электрон тизимни жорий этиш.

Қонун лойиҳаси

2019 йил 1 сентябргача

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши (И. Абдуллаев)

14.

Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш:

барча давлат харидлари субъектларини босқичма-босқич қамраб олиш бўйича чоралар кўриш;

харид (ISO 20400) ва коррупцияга қарши курашиш (ISO 37001) стандартлари бўйича компанияларни сертификатлаштириш тизимини жорий этиш;

давлат харидлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;

аффилланган шахсларнинг харидларда қатнашишларига чекловлар белгилаш;

барча давлат тендерларини қамраб олиш учун маҳсулот етказиб берувчиларнинг ҳамма фойдалана оладиган ягона реестрини юритиш;

давлат харидлари бўйича ахборотнинг ошкоралиги ва эркинлигини ошириш;

харид жараёнида бюрократик ва субъектив омилларни минималлаштириш;

натижаларни статистик таҳлил қилиш, шунингдек, харид тартибининг барча зарур параметрлари бўйича ягона маълумотлар базасини ташкил қилиш.

Қонун лойиҳаси

2019 йил 1 ноябргача

Молия вазирлиги (Т. Ишметов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Б. Хўжаев), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Шарипов), «Ўзстандарт» агентлиги (Д. Саттаров), вазирлик ва идоралар

15.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларидан фойдаланиш орқали судьяларни очиқ, ошкора танлаш ва тайинлаш механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан:

танлов натижаларини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг веб-сайтида эълон қилиш;

судьялар аниқ ифода этилган ошкора мезон ва тартиблар асосида баҳоланишини таъминлаш.

Қонун лойиҳаси

2019 йил 1 декабргача

Судьялар олий кенгаши (У. Мингбоев), Олий суд (К. Камилов)

16.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш, шу жумладан:

судьялар малака ҳайъатлари котибларининг ролини ошириш, шу жумладан уларга коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш вазифасини юклаш;

судьялар малака ҳайъатлари котибларининг Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича Суд инспекцияси билан самарали ҳамкорлик қилиш, шунингдек,