Seal Flag Anthem

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2020 ЙИЛ 20 АВГУСТДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН “ОБЪЕКТЛАРДА ДАВЛАТ ҚУРИЛИШ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТ ҲАМДА ОБЪЕКТЛАРНИНГ ХАВФ-ХАТАРЛАР ТОИФАЛАРИ ТАСНИФИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА”ГИ №496-СОНЛИ ҚАРОРИ

image_pdfimage_print

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламент ҳамда объектларнинг хавф-хатарлар тоифалари таснифини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2020 йил 5 февралдаги ПҚ-4586-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

  1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламент 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

қурилиш соҳасида назорат инспекциясининг бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилишдаги вазифалари;

архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш, қурилиш объектларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш тартиби;

қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифаси бўйича мураккаблик тоифалари таснифи;

давлат қурилиш назорати турлари, мезонлари ҳамда уларни амалга ошириш асослари;

бино ва иншоотларни инструментал-техник текширувдан ўтказиш тартиби.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  2. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490-сон Фармони билан тасдиқланган Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан белгиланган тартибда таклиф киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

  1. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 20 август,

496-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги 496-сон қарорига
1-ИЛОВА

Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТ

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Ушбу Маъмурий регламент (кейинги ўринларда — Регламент) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси (кейинги ўринларда — инспекция) ҳамда қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари (кейинги ўринларда — ҳудудий инспекциялар) томонидан хавф-хатар тоифасидан келиб чиққан ҳолда ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, қурилиш объектларида давлат қурилиш назоратини олиб бориш тартибини белгилайди.
  2. Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат қурилиш назорати — қурилиш-монтаж ишларида пудратчи, буюртмачи, лойиҳачи, қурилиш бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, тасдиқланган ишчи лойиҳа ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш бўйича танлов асосида инспекция ва ҳудудий инспекциялар томонидан назорат функцияларини олиб бориш тизими;

инспекторлик текширувлари — шаҳарсозлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмасдан, давлат қурилиш назоратини амалга ошириш;

қурилиш босқичи — қурилиш объектининг сифати, мустаҳкамлиги, зилзилабардошлиги ва фойдаланишда ишончлилигини таъминлаш борасида ниҳоясига етказилган қурилиш-монтаж ишларининг хавфга учраши мумкинлиги юқори бўлган босқич;

хавф — шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда салбий оқибатларнинг пайдо бўлиш эҳтимолини ҳисобга оладиган хавфлилик чоралари;

шаҳарсозлик субъектлари — давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний ва юридик шахслар;

қурилиши тугалланмаган объект — белгиланган муддатда қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етмаган объект;

қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар — юридик ва жисмоний шахсларга объектдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, бироқ 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган, шунингдек, белгиланган тартибда аттестациядан ўтган ҳамда тегишли сертификатга эга бўлган инспекция ва ҳудудий инспекция инспекторлари томонидан бериладиган ва имзоланадиган ҳужжат.

  1. Инспекция ва ҳудудий инспекциялар бино ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилишда:

давлат қурилиш назорати амалга оширилиши лозим бўлган барча босқичларда бажариладиган қурилиш-монтаж ишларининг лойиҳа ечимлари, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга;

объектнинг мустаҳкамлиги, хавфсизлиги, сифати, зилзилабардошлиги ва фойдаланишда ишончлилигини таъминлаш бўйича мажбурий талаблар белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан давлат қурилиш назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

  1. Республика ҳудудида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида хабарнома юбориш талаб этиладиган қурилиш ва реконструкция объектлари давлат томонидан мажбурий тартибда давлат қурилиш назоратига олинади.
  2. Қурилиш объектларида давлат қурилиш назорати 1-иловага мувофиқ тартибда амалга оширилади.
  3. Давлат қурилиш назорати қурилиш объектларининг хавфсизлиги, сифати, зилзилабардошлиги ва фойдаланишда ишончлилигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
  4. Давлат қурилиш назорати қонунийлик, холислик, ошкоралик, шаффофлик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаслик принципларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

2-боб. Давлат қурилиш назоратига олинадиган қурилиш объектларининг хавф-хатар тоифаси бўйича мураккаблик тоифалари таснифи

  1. Давлат қурилиш назорати объектларнинг хавф-хатар тоифалари бўйича мазкур Регламентга 2-иловага мувофиқ қуйидагича тўрт тоифага бўлинади:

I тоифа — хавфлилик омили паст объектлар;

II тоифа — хавфлилик омили ўрта объектлар;

III тоифа — хавфлилик омили юқори объектлар;

IV тоифа — хавфлилик омили ўта юқори объектлар.

  1. Бир нечта тоифали хусусиятларга эга бўлган қурилиш объектлари уларнинг тоифаларидан қатъи назар, IV тоифа бўйича таснифланади.
  2. Объектларнинг тоифалари таснифланишига қараб, давлат қурилиш назоратини амалга ошириш даврийлигининг қуйидаги муддатлари белгиланади:

I тоифа — инспекция ва ҳудудий инспекцияларнинг давлат қурилиши назорати функциялари назарда тутилмаган;

II тоифа — бир ойда икки мартадан кўп эмас;

III тоифа — бир ойда уч мартадан кўп эмас;

IV тоифа — бир ойда тўрт мартадан кўп эмас.

3-боб. Давлат қурилиш назорати турлари

  1. Давлат қурилиш назорати субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда қуйидаги турларга бўлинади:

ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтмаган объектларда қисқа муддатли инспекторлик назорати — белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни (кейинги ўринда — ваколатли орган) хабардор қилган ҳолда амалга оширилади;

ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтган объектларда давлат қурилиш назорати — ваколатли органни хабардор қилмаган ҳолда тўсқинликларсиз объектларнинг мураккаблик тоифалари таснифига асосан танлаб амалга оширилади;

архитектура, лойиҳалаш ва бош режаларга риоя этилиши юзасидан амалга ошириладиган давлат қурилиш назорати.

  1. Қуйидагилар ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтмаган объектларда қисқа муддатли инспекторлик текширувининг предмети ҳисобланади:

тасдиқланган ишчи лойиҳа ҳужжатлари, ижобий экспертиза хулосаси мавжуд бўлмаганда, рўйхатга олинмаган объектларни қуриш ёки реконструкция қилишда;

шаҳарсозлик фаолияти субъекти технологик жараённи бузганда, иншоотлар ишдан чиққанда, одамлар ҳаёти ва саломатлиги, мол-мулки, атроф- муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган авария ҳолатлари юзага келганда;

жисмоний ёки юридик шахснинг шаҳарсозлик фаолияти субъект томонидан мурожаат қилувчининг ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари бузилганини тасдиқловчи ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотлар илова қилинган ёзма равишдаги аризаси мавжуд бўлганда.

Қисқа муддатли инспекторлик текширувини ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак.

  1. Қуйидагилар ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтган объектларда давлат қурилиш назоратининг предмети ҳисобланади:

қурилиш жараёнида ишчи лойиҳа ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиришларнинг техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини;

лойиҳа ва пудрат ташкилоти — ишлар ва хизматлар ижрочиларида қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган лойиҳалаш ва қурилиш фаолиятининг лицензиялаштириладиган турларини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензияларнинг мавжудлигини;

бажариладиган қурилиш-монтаж ишларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда лойиҳа ҳужжатларига мослигини, шунингдек, пудрат ташкилотининг қурилиш соҳасига оид ижро ҳужжатлари юритилишини ўрганиш;

объект бўйича буюртмачи, пудратчи ва лойиҳачи ташкилотларга нисбатан йўл кўйилган камчиликлар юзасидан ёзма кўрсатма бериш ва маъмурий жавобгарлик чораларини кўриш.

  1. Қуйидагилар архитектура, лойиҳалаш ва бош режаларга риоя этилиши бўйича амалга ошириладиган давлат қурилиш назоратининг предмети ҳисобланади:

мутасадди вазирликлар ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар қурилиш бошқармалари, туман, шаҳар қурилиш бўлимлари томонидан аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуришда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига риоя этилиши;

лойиҳалаш учун асос бўлувчи шаҳарсозлик ҳужжатларининг тўлиқлиги ҳамда ушбу ҳужжатларнинг норма ва қоидаларига, техник шарт ва бошқа ҳужжатларга жавоб бериши;

туман ҳудудини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ҳамда бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши;

ер ажратиш ва шаҳарсозлик объектларини қуришга оид, шунингдек, ер ости муҳандислик коммуникацияларини жойлаштириш бўйича навбатчи режаларнинг юритилиши.

4-боб. Бино ва иншоотларни инструментал техник текширувдан ўтказиш тартиби

  1. Ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтмаган, қурилиш ишлари қисман амалга оширилган ёки қурилиши якунланган бино ва иншоотларда буюртмачилар томонидан мажбурий тартибда ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтказиш, ҳужжатларни расмийлаштириш учун белгиланган тартибда инструментал техник текширув хулосасини олишлари талаб этилади.
  2. Буюртмачилар томонидан объектлар қурилиши якунлангандан сўнг ушбу бино ва иншоотларга бўлган эгалик хуқуқларини расмийлаштиришдан олдин объектни унинг қурилиши бўйича белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари билан ҳудудий инспекцияларга қилган мурожаати асосида бинолардан келгусида фойдаланишга рухсат бериш мақсадида шартнома асосида инструментал техник текширувлар амалга оширилади.
  3. Ҳудудий инспекциялар томонидан амалга оширилган инструментал техник текширувлар натижасига кўра, бино ва иншоотларнинг техник ҳолатларида камчилик ва нуқсонлар аниқланган тақдирда, буюртмачилар билан лойиҳачилар биргаликда ушбу аниқланган камчилик ва нуқсонларга бартараф этилиши юзасидан қўшимча ишлаб чиқилган, тасдиқланган ишчи лойиҳа бўйича бартараф қилишлар ҳамда бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ижро ҳужжатларини ҳудудий инспекцияларга тақдим этиши ушбу объектга фойдаланиш учун рухсат беришга асос бўлади.
  4. Зарур ҳолларда, ҳудудий инспекциялар томонидан бино ва иншоотларни инструментал техник текширувдан ўтказиш жараёнида малакали мутахассисларни шартнома асосида тўғридан-тўғри ёлланма усулда илмий тадқиқот институтларидан ёки бошқа махсус лицензияга эга бўлган лойиҳа ташкилотларидан жалб этиш мумкин.
  5. Буюртмачи томонидан бино ва иншоотларни техник текширувдан ўтказиш бўйича ҳудудий инспекцияга белгиланган тартибда лойиҳа ҳужжатларини тақдим этмаслик ёки тўлиқ тақдим этмаслик бино ва иншоотларни техник текширувдан ўтказишни рад этишга асос бўлади.
  6. Бино ва иншоотлардан фойдаланишга рухсат беришда, инструментал техник текширувдан ўтказилиши натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этилганлиги тўғрисидаги тегишли лойиҳа ҳужжатларини ва маълумотларни буюртмачи ташкилот ҳудудий инспекцияга тақдим этади.
  7. Ҳудудий инспекциялар учун бино ва иншоотларнинг инструментал техник текширув ишларини баҳолашнинг ягона ҳисоблаш тартиби инспекция томонидан белгиланади.
  8. Хавф-хатар тоифаси паст ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектлари мулкдорларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида инструментал техник текширувдан ўтказилади.

5-боб. Давлат қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби

  1. Давлат қурилиш назорати объект қурилишининг барча босқичларида амалга оширилади.
  2. Давлат қурилиш назорати объекти ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтказилиб оммавий оферта расмийлаштирилгандан сўнг белгиланган тартибда назорат ўрнатилади.

Давлат қурилиш назорати даврида қуйидаги талаблар ўрганилади:

назорат жараёни буюртмачининг техник, лойиҳачи ташкилотининг муаллифлик назоратлари ва пудрат ташкилоти вакилларидан (раҳбар, раҳбар вазифасини бажарувчи шахс ёки ушбу объектга буйруқ билан бириктирилган масъул шахс) бирининг иштирокида амалга оширади;

қурилиш объектининг паспорти мавжудлиги ва уни кўринарли жойда ўрнатилганлиги;

қурилиш майдони ҳудуди вақтинча ёпиқ тўсиқ билан ўралганлиги;

қурилиш объектида буюртмачи томонидан тасдиқланган ишчи лойиҳа ҳужжатлари мавжудлиги;

пудратчи томонидан ижро техник ҳужжатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талаблари асосида (умумий иш юритиш, кириш назорати, бетон ишлари, пайвандлаш ишлари, техника хавфсизлиги журналлари, ёпиқ ишлар тури бўйича далолатномалар ва бошқалар) юритилганлиги;

объектда техник, муаллифлик ва пудратчининг ички назорати юритилиши ўз вақтида таъминланганлиги;

қурилиш материаллари ва буюмларининг мувофиқлик тўғрисидаги сертификат ва паспортлари мавжудлиги;

қурилиш-монтаж ишларининг шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мослиги;

объектга келтирилган қурилиш материалларининг мувофиқлик кўрсаткичларига, бажарилган қурилиш монтаж ишларининг лойиҳавий кўрсаткичларга мослиги бўйича синов лаборатория хулосалари мавжудлиги (зарур ҳолларда, лаборатория ходимлари ва бошқа мутахассисларни жалб этган ҳолда).

  1. Давлат қурилиш назорати якунлари бўйича зарур ҳолларда далолатнома, ёзма кўрсатма, тақдимнома ва бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Давлат қурилиш назорати натижаларига кўра, аввал аниқланган қоидабузарликлар бартараф этилганда ҳудудий инспекция инспектори томонидан далолатнома расмийлаштиради.

Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларининг бажарилишида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатма мазкур Регламентга 3-иловага мувофиқ расмийлаштирилади.

Давлат қурилиш назорати натижаларига кўра, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тақдимномалар киритилади.

Объектларда бино ва иншоотларнинг зилзила бардошлилигига таъсир қилувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилгани аниқланган ҳолларда, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли орган ва ташкилотларга тақдимномалар киритилади.

6-боб. Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларининг бажарилишида аниқланган камчиликларни бартараф этиш

  1. Инспекция ва ҳудудий инспекциялар томонидан қурилиш объектларидаги ишларни тўхтатишни қуйидагича амалга оширади.

бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи конструктив ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатларда, демонтаж ишларини амалга оширишни ёки мазкур Регламентга 4-иловага мувофиқ ёзма кўрсатмани расмийлаштириш орқали қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб туришни талаб қилади;

юридик ва жисмоний шахсларга объектдаги ҳуқуқбузарликларни бартараф қилиш учун мос равишда, бироқ 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш масалаларини ҳал қилиш юзасидан тегишли органлар ва ташкилотларга тақдимномалар юборади;

давлат қурилиш назорати давомида қурилаётган объектлар устидан муаллифлик назорати, техник назорат ва текширувни амалга ошираётган сертификатга эга бўлмаган мутахассислар аниқланган тақдирда, мазкур мутахассисларни қурилиш объектидан четлаштириш тўғрисида буюртмачи, пудратчи ёки лойиҳачига тақдимнома киритади;

объектларда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлар қўлланилгани аниқланган ҳолларда, қурилиш материаллари ва буюмлар ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллашни тўхтатиб туриш ҳақида тегишли орган ва ташкилотларга (прокуратура ва ички ишлар органларига) тақдимномалар юборади;

Инспекция ва ҳудудий инспекциялар қурилиши тугалланган объектларни (давлат харидлари субъектларининг маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлардан ташқари) фойдаланишга қабул қилиш жараёнига белгиланган тартибда давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органларини жалб қилади ҳамда улардан объектларни қабул қилиш муддатлари доирасида инспекция ва ҳудудий инспекцияларга объектнинг санитария нормалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида тегишли хулосаларни олади.

  1. Назорат ишлари шаҳарсозлик фаолияти субъекти ваколат берган, техник ҳамда муаллифлик назоратини ўтказадиган, шунингдек, объект қурилиши бўйича ишларни бажарувчининг жавобгар шахслари иштирокида амалга оширилади.

Бажарилган ишлар лойиҳа ечимлари, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мос келган ҳолларда, шунингдек, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини лабораторияда синовдан ўтказишнинг ижобий натижалари асосида шаҳарсозлик фаолияти субъекти ваколат берган жавобгар шахслар иштирокида мувофиқлик ҳужжати тузилади.

  1. Бажарилган ишлар лойиҳа ечимлари, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мос келмаслиги аниқланган ҳолларда, шунингдек, қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини лабораторияда синовдан ўтказишнинг салбий натижаларига ҳамда талаблари бузилган ҳужжатга асосланган ҳолда қурилиши ниҳоясига етказилган босқичда бажарилган ишларнинг номувофиқлиги тўғрисида ёзма кўрсатма берилади.

Ёзма кўрсатма инспектор томонидан қурилиш иштирокчилари (раҳбар, раҳбар вазифасини бажарувчи шахс ёки ушбу объектга буйруқ билан бириктирилган масъул шахс)нинг бирига берилади. Берилган ёзма кўрсатмадаги камчиликларни баратараф этиш юзасидан жавобгарлик буюртмачи заммасига юкланади.

  1. Шаҳарсозлик фаолиятининг субъекти ёзма кўрсатмада қайд этилган қоидабузарликлардан норози бўлган тақдирда, ҳудудий инспекция бошлиғига, Инспекция бошлиғига ёки белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли. Мазкур ҳолатда кўрсатма ижроси шикоят кўрилгунга қадар узайтирилади.
  2. Назорат натижаларига кўра, ёзма кўрсатмада келтирилган камчиликлар бартараф этилганда, ушбу камчиликлар бартараф этилганлиги тўғрисида далолатнома тузилади.
  3. Ҳуқуқбузарлик ҳолатига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар инспекция ва ҳудудий инспекциялар бошлиқлари томонидан кўриб чиқилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома мазкур Регламентга 5-иловага мувофиқ расмийлаштирилади.

  1. Аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш имконияти бўлмаганда, ҳудудий инспекция шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилган ҳолда бажарилган конструктив элементларни бузиш (ёки демонтаж қилиш) тўғрисида буйруқ чиқаради.

7-боб. Давлат қурилиш назоратини амалга оширишда синовлар

  1. Инспекция ва ҳудудий инспекциялар инспекторлари назоратни амалга оширишда қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини лойиҳа ечимлари, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларнинг бажарилиши мажбурий бўлган талабларига мувофиқлиги юзасидан лаборатория синовлари ўтказишни тайинлаш ҳуқуқига эга.
  2. Лаборатория синовлари шаҳарсозлик фаолияти субъектлари томонидан объект жойлашган жойда ёки аккредитацияланган махсус синов лабораторияларида (кейинги ўринларда — синов лабораториялари) олинган намуналарни синов лаборатория шароитида танлаб олиш усулида амалга оширилади.
  3. Мавжуд бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолати уларни қайта тиклаш ёки реконструкция қилиш мақсадга мувофиқлиги бўйича буюртмачининг аризасига мувофиқ шартнома асосида белгиланган тартибда текширувдан ўтказилади ҳамда бу ҳақида тегишли хулоса берилади.
  4. Инспектор зарур ҳолларда, шаҳарсозлик фаолияти субъектларининг лойиҳа ечимлари, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини аниқлаш мақсадида лаборатория тадқиқотларини ўтказиш учун фойдаланилган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларидан намуналар олиш ҳуқуқига эга.
  5. Фойдаланиладиган қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкциялари (кейинги ўринларда — материаллар) намуналарини танлаш услуби ва миқдори лойиҳа ечимлари, техник регламентлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талабларига мос келиши зарур.
  6. Синовлар назорат бўйича синов лабораторияларида техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ материалларни назорат ва синовдан ўтказиш усулида амалга оширилади.
  7. Объект қурилишида фойдаланиладиган материалларнинг сифати, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келмаслиги аниқланган ҳолатларда, объект демонтаж қилиниши талаб этилади.
  8. Синовларни ўтказиш ва аниқланган сифатсиз қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини демонтаж қилиш билан боғлиқ сарф-харажатлар шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари синов натижаларидан норози бўлган ҳолатларда, ўз ихтиёри билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган мустақил синов лабораториясига мурожаат қилишга ҳақли.

Бунда олинган синов лаборатория хулосаси шаҳарсозлик фаолияти субъектининг шикоят материаллари ва текшириш ҳужжатларига илова қилинади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

  1. Назорат бўйича ваколати давлат органи ва унинг мансабдор шахслари давлат назоратини амалга оширишда ўз вазифалари ҳамда хизмат мажбуриятларини тегишли равишда бажармаган ҳолатларда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
  2. Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ушбу Регламент талабларини бузса, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича маъмурий регламентга
1-ИЛОВА

Қурилиш назоратини амалга ошириш

СХЕМАСИ

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар
1-босқич Буюртмачи Объект қурилишини (реконструкциясини) бошлашга рухсат олиш учун Давлат хизматлари марказига ариза билан мурожаат қилади. Лойиҳа-смета ҳужжати ишлаб чиқилиб, экспертизадан ўтказилгандан сўнг
2-босқич Давлат хизматлари
маркази
Аризани тегишлилиги бўйича ҳудудий инспекцияга юборади. 1 иш куни
мобайнида
3-босқич Ҳудудий инспекция Аризани рўйхатдан ўтказиб, объектга мутасадди инспекторни бириктиради. 1 иш куни
мобайнида
4-босқич Инспектор Қурилиш (реконструкция) ҳудудига чиққан ҳолда ўрганиш ишларини олиб боради ҳамда бино қисмини техник кўрикдан ўтказиш бўйича буюртмачига ёзма кўрсатма беради. 3 иш куни
мобайнида
5-босқич Инспектор 1..Объектда тизимли давлат қурилиш назоратини амалга ошириш ишларини белгиланган тартибда ўз шахсий иш режасига киритади.

2..Шу кундан бошлаб белгиланган тартибдаги давлат қурилиш назоратини ўрнатади.

3 иш куни
мобайнида
қурилиш (реконструкция) даврида белгиланган тартибда
6-босқич Инспектор 1..Буюртмачи, лойиҳачи ёки пудрат ташкилоти вакиллари (раҳбари, раҳбар вазифасини бажарувчи шахс ёки ушбу объектга буйруқ билан бириктирилган масъул шахс) иштирокида инспекторнинг шахсий иш режасида белгиланган саналарда объектда белгиланган тартибдаги давлат қурилиш назоратини ўтказади.

2..Назорат натижалари тўғрисида пудратчининг иш юритиш дафтарининг белгиланган саҳифаларига тегишли ёзувларни киритади.

инспекторнинг шахсий иш режасида белгиланган саналарда
7-босқич Инспектор Назорат натижалари бўйича объект қурилиши (реконструкцияси) ишларида белгиланган қурилиш меъёрларини бузиш ҳолатлари аниқланса, қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларининг бажарилишида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича ёзма кўрсатма расмийлаштиради (Регламентга 3-иловага мувофиқ) ҳамда пудратчига тақдим этади. давлат қурилиш
назорати ўтказилгандан
сўнг 1 иш куни
мобайнида
8-босқич Буюртмачи, лойиҳачи ёки пудрат ташкилоти вакиллари 1..Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбир ишлаб чиқиб, тасдиқлайди ҳамда инспекторга тақдим этади. 3 иш куни
мобайнида
2..Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг тегишли далолатнома тузади ҳамда инспекторга тақдим этади. камчиликлар бартараф этилгандан сўнг
Объектда қурилиш (реконструкция) ишлари якунлангандан сўнг
9-босқич Буюртмачи, лойиҳачи ёки пудрат ташкилоти вакиллари Қурилиши (реконструкцияси) якунланган объектни белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиш тўғрисида туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига тегишли ариза (сўровнома) билан мурожаат қилади. қурилиш(реконструкция)
ишлари якунлангандан сўнг
10-босқич Давлат хизматлари
маркази
Сўровномани Давлат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси филиалига (кейинги ўринларда — ДК) юборади. 1 соат мобайнида
(автоматик тарзда)
11-босқич ДК 1..Қурилиши (реконструкцияси) тугалланган объектни жойига бориб ўрганади.

2..Объектнинг фойдаланишга рухсат бериш далолатнома лойиҳасини тайёрлайди ва тасдиқлайди.

3..Далолатнома лойиҳасини давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органлари ҳамда ҳудудий инспекцияга юборади.

5 иш куни
мобайнида
12-босқич Давлат санитария назорати ва давлат ёнғин назорати ҳудудий органлари,
ҳудудий инспекция
1..Қурилиши (реконструкцияси) туга�ланган объектни жойига бориб ўрганади.

2..Объектнинг фойдаланишга рухсат бериш далолатномасини имзолайди (ёки асослантирган ҳолда рад этади)