Seal Flag Anthem

Самарқанд Давлат Архитектура ва қурилиш институтида “Бинолар қурилишида зилзилабардошликни таъминлашга қаратилган замонавий усул ва услублар ҳамда инновацион ёндашув” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

image_pdfimage_print

Самарқанд Давлат Архитектура ва қурилиш институтида “Бинолар қурилишида  зилзилабардошликни таъминлашга қаратилган замонавий усул ва услублар  ҳамда инновацион ёндашув” мавзусида  илмий-амалий семинар бўлиб ўтди

  1. Зилзила тўғрисида қисқа маълумот

Зилзила – бу ернинг ички қатламларида йиғилган табиий қўшимча куч таъсирида механик энергиянинг эластик сейсмик тўлқин энергиясига айланиши ва атрофга тарқалиши натижасида содир бўладиган ер силкинишидир.

Ер силкинишларининг пайдо бўлган жойи зилзила ўчоғи, унинг маркази эса гипоцентр дейилади. Гипоцентрнинг ер юзидаги проекцияси эпицентр дейилади. Гипоцентр ва эпицентр оралиғидаги масофа зилзиланинг чуқурлиги дейилади.

Зилзила чуқурликларига қараб зилзилалар уч турга бўлинади, яъни қобиқ, қобиқ ости ва чуқур фокусли турларга.

Қобиқ зилзилаларига гипоцентри ер сатҳидан 70 км чуқурликкача жойлашган ер силкинишлари киради. Ўзбекистонда бўладиган зилзилаларнинг барчаси ушбу турга кириб, уларнинг чуқурлиги асосан 10-40 км, айрим ҳолларда Помирда 70 км гача боради.

Қобиқ ости зилзилаларига гипоцентри 70 дан 300 км гача бўлган ер силкинишлари киради. Улар, асосан Афғонистоннинг Ҳиндуқуш тоғлари остида содир бўлиб, таъсир кучи Ўзбекистонга ҳам етиб келиши мумкин.

Чуқур фокусли зилзила гипоцентри 300-780 км гача бўлган ер силкинишлари ҳисобланади. Улар, асосан Тинч океани ва бошқа океанлар билан континентлар туташган жойларда рўй беради.

Зилзилалар келиб чиқиш сабабларига кўра тектоник, вулқон ва ўпирилиш турларига бўлинади.

Тектоник зилзилалар табиатда энг кўп тарқалган ер қобиғидаги жараёнлар натижасида содир бўладиган ер силкинишларидир.

Вулқон зилзилалари вулқонлар отилганда рўй берадиган, энергияси унча кучли бўлмаган ер силкинишларидир.

Ўпирилиш зилзилалари ер остидаги бўшлиқларнинг тўсатдан ўпирилиши ёки босиб қолиши вақтида содир бўлади. Бундай зилзилалар кичик ҳажмдаги тоғ массалари билан боғлиқ бўлганлиги учун фақат кучсиз ер тебранишларини келтириб чиқариши мумкин.

Кучли зилзилалар натижасида жуда кўп турар жой бинолари, ишлаб чиқариш объектлари, ноёб ер ости ва усти иншоотлари, сув тўғонлари, кўприклар ва ҳ.к. бузилиши ёки вайрон бўлиши, темир йўлларнинг букилиши, автомобиль йўллари, аэропортлар жиддий зарар кўриши, юқори кучланишли электр симларининг узилиши, тоғ ва қор кўчкилари рўй бериши, ёнғин чиқиши, телефон, телеграф, радиоалоқалар ишламай қолиши, тоғ ва тупроқ кўчкилари сув йўлларини беркитиб қўйиши каби инсон хаёт фаолиятини издан чиқарадиган турли офатлар рўй бериши мумкин.

  1. Зилзила зарарларини камайтириш йўллари.

Ҳозирги кунда инсон кучи билан зилзилани тўхтатиш мумкин эмас. Лекин, бу дегани ундан сақланиш мумкин эмас деган маънони бермайди.

Зилзила зараридан қутулишимиз, одамлар ҳаётини, қурилиш иншоотларини, барча бойликларимизни сақлаб қолишимиз мумкин ва бунда сейсмик районлаштириш хариталари катта аҳамиятга эга.

Бино ва иншоотларнинг қурилишида сейсмик районлаштириш хариталаридан кенг фойдаланилиши зарур.

  1. Зилзиладан сақланишнинг асосий усуллари.

Кучли зилзила натижасида бино ва иншоотларнинг шикастланиш даражаси зилзила кучига, эпицентргача бўлган масофага, зилзила ўчоғининг чуқурлигига, жойларнинг инженер-геологик шароитига, бино ва иншоотларнинг турига, уларнинг сейсмик бардошлик даражасига, йил фаслларига, метеорологик шароитга ва бошқаларга боғлиқ.

Жароҳат олганлар ва қурбонларнинг сони эса инсонларнинг зилзила даврида ҳаракат қилишга тайёргарлик даражасига, шунингдек, коммунал тармоқларнинг (электр, газ, сув), оғир транспорт воситалари, турли ҳил станоклар ва бошқаларнинг ўз вақтида механик ёки автоматик тарзда тезда ўчирилишига боғлиқ.

Сейсмик фаол ҳудудда яшаётган ҳар бир фуқаро зилзила хавфини эсдан чиқармаслиги керак. Шунинг учун ҳар бир шахс ваҳимага тушмасдан зилзила хавфига кўникиши ва унга жиддий тайёргарлик кўриши лозим.

3.1. Зилзила пайтида нима қилиш керак?

Зилзила рўй берганда ер бир неча сониядан бир неча минутгача силкинади. Тебраниш вақти сиз турган жойдан зилзила эпицентригача бўлган масофага боғлиқ. Зилзила ўчоғи қанча яқин бўлса, у шунча қисқа вақтда
ва юқори частотада сезилади.

Зилзила ўчоғигача бўлган масофа ортган сари у шунчалик узоқ вақт ва пастроқ частотада сезилади. МасаланТошкентда яшовчилар учун зилзила ўчоғи Тошкент вилояти, Фарғона водийси, Жиззах, Самарқанд вилоятларида рўй берган бўлса 10-30 секундгача давом этиши мумкин. Тошкентдан 500-600 км масофада жойлашган Ҳиндукуш зилзилалари 2-3 минутгача сезилади.

Зилзила пайтида сизнинг ҳаракатингиз:

  1. Ваҳимага тушманг, ўзингизни осойишта тутинг ва бошқаларга ўрнак кўрсатинг.
  2. Агар бир қаватли бино ичидан қочмоқчи бўлсангиз бу ишни чаққонлик билан, атрофдаги хавф-хатарни ҳисобга олган ҳолда бажаринг.
  3. Кўп қаватли бинолардан ташқарига югуриб чиқишга интилманг. Юқоридан тушаётган буюмлар хавфли. Яхшиси зилзила тўхтагунча бино ичидан хавфсиз жойни танланг.
  4. Кўп қаватли бинода зиналарга югуриб чиқманг, лифтга кирманг.
  5. Электр ўчиб қолиши, ёнғин хавфсизлиги сигналлари, қўриқлаш қўнғироқларининг овози, синаётган идиш товушлари, ёғоч ғижирлаши, йиқилаётган турли буюм товушларидан қўрқманг.
  6. Ташқарида турган бўлсангиз тезликда бино ва электр симларидан ҳоли бўлган, очиқ жойга чиқинг.
  7. Агар машинада бўлсангиз, бино ва электр симлари, кўприк, турли трубалардан ҳоли бўлган жойга чиқиб, машинани тўхтатинг ва зилзила босилгунча кутиб туринг.
  8. Баъзан асосий зилзиладан кейин унинг кўп сонли афтершоклари бўлиши мумкин. Одатда, афтершокларнинг кучи асосий зилзила кучидан пастроқ бўлгани учун улардан қўрқманг.

Ер силкиниши сўнаётганда яна янги кучли силкиниш бошланиши мумкин. Бу битта зилзила ўчоғидан кетма-кет келаётган ҳар хил турдаги сейсмик тўлқинлардир.

3.2. Зилзиладан сўнг қандай ҳаракат қилиш керак?

  1. Ҳар ким осойишталикни сақлаган ҳолда, энг аввало зилзиладан шикастланганларга тез ёрдам кўрсатиши, қаттиқ қўрққан, карахт ҳолатга тушиб қолган одамларни тинчлантириши, ёнғин хавфини бартараф этиши, зилзила зарарларини аниқлаши ва уни бартараф этиш ишларини бошлаши керак.
  2. Газ, сув трубаларини, электр симларини диққат билан текшириб чиқинг. Газнинг озгина бўлса ҳам чиқаётганини сезсангиз тезликда ташқаридан ўчиринг ёки бу тўғрида тегишли хизматларга ҳабар беринг.

а) Гугурт ёқиб ёки шам ёрдамида газни текширишга уринманг – портлаб кетиши мумкин. Газ чиқаётганини ҳидига қараб аниқланг.

б) Электр симларининг бутунлигига шубҳангиз бўлса, уни тезликда узинг ёки бу тўғрида тегишли хизматларга ҳабар беринг.

в) Агар трубалардан сув чиқаётганини кўрсангиз сувни ташқаридан ўчиринг ёки бу тўғрида тегишли хизматларга ҳабар беринг.

Ҳамма авария ҳолатлари ҳақида керакли газ, сув, электр тармоқлари хизматига хабар қилинг. Телефонни кўп банд қилманг.

  1. Кўчангиздаги ёки шаҳардаги турли талофотлар билан танишишга шошилманг. Кўчаларни банд қилманг.
  2. Агар шошилинч ёрдамга муҳтожлар бўлмаса, хавфли иморатлар ичига кирманг, ҳаттоки яқинига ҳам борманг. Унутманг, янги силкинишлар рўй бериши мумкин. Бино ичига кириш зарур ҳолларда ниҳоятда эҳтиёт бўлинг. Иморатнинг айрим жойлари тўсатдан кўчиб тушиши, газ чиқаётган, очиқ электр

симлари осилиб қолган,  шиша синиқ парчалари ва бошқалар бўлиши мумкин.

  1. Канализация трубаларига зарар етмаганига ишонч ҳосил қилмагунча ҳожатхоналардан фойдаланманг.
  2. Мустаҳкам, пишиқ ва бутун оёқ кийимларидан фойдаланинг, акс ҳолда шиша синиқлари, ўткир предметлар оёғингизни шикастлантириши мумкин.
  3. Турли химикатлар, бензин ёки бошқа заҳарли моддаларни сезсангиз уларни бартараф қилинг, бу ҳақда бошқаларга ва керакли хизматларга хабар беринг.
  4. Зилзила оқибатини бартараф этиш ҳақидаги кўрсатмага риоя қилинг.
  5. Янги ер силкиниши (афтершоклар) рўй бериши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Сақланиб қолган бинолар ёки уларнинг айрим қисмлари кейинги ер силкинишида қулаб тушиши мумкин.
  6. Тез айнийдиган озиқ-овқатлардан эҳтиёт бўлинг. Айнимайдиган озиқ-овқатларни тежаб ишлатинг. Кучли зилзила бўлган жойларда бир неча кун таъминот танқислиги бўлиши мумкин.
  7. Печкалар, мўрилар зарарланмаганини текшириб кўринг. Агар уларда ёриқлар кўринса, фойдаланманг.
  8. Оғир буюмлар қулаб тушиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, турли эшиклар, мебеллар, деразаларни эҳтиёткорлик билан очинг.
  9. Одамларни қутқараётган, зилзила оқибатларини бартараф этаётган қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар, милиция ходимлари, соғлиқни сақлаш хизматчилари ва бошқаларга қўлингиздан келганча ёрдам беринг.
  10. Ҳар хил миш-миш ва овозаларни тарқатманг.
  11. Якуний қисм.

Зилзила билан боғлиқ табиий ва техноген ҳусусиятли фавқулодда вазиятларда аҳолини муҳофаза қилиш масаласини, шунингдек, мазкур ҳолатда аҳолининг ҳаракат қилиш тизими ҳолатини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 19 июлдаги
208-сонли Қарори билан “Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ҳамда техноген) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс Дастури” тасдиқланган.

Мазкур дастурнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

аҳолининг барча қатламларини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолини тайёрлаш қамровини кенгайтириш;

кўнгилли қутқарув тузилмаларини тузиш ва улар фаолиятини ташкил этиш;

зилзила оқибатларининг сейсмик хавфи даражасини камайтириш;

аҳолига юзага келаётган сейсмик вазиятни баҳолаш кўникмаларини сингдириш ва зилзила пайтида мутаносиб тарзда ҳаракат қилиш учун шароит яратиш;

таълим муассасаларининг ўқувчилари ва талабаларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашнинг комплекс тизимини ишлаб чиқиш ва ҳокозо.

Зилзилани олдиндан аниқ айтиб бериш масаласи бугунги кунда ўз ечимини тўлиқ топмаганлиги сабабли амалга ошириладиган қурилиш ишларида зилзилабардошликни таъминлаш ҳам муҳим ўрин тутади.

  • Views:

    (31)

[OK]

© 2016-2019. When using the site materials reference to is required www.samgasn.uz. Attention! If You find a mistake in the text, select it and press Ctrl+Enter to notify the administration